Ўзбек киносини шевадан қутқарайлик
Кинолар тўғрисида таҳлилий мақолалар ёзганимиз сайин унга бўлган фикрлар ҳам турлича. Биз оддий томошабин учун қизиқарли бўлган қирраларини кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Бугунги кунда кино саноатимизда ривожланиш жадаллик билан кетмоқда. Улардаги ютуқлардан кўз юмиб кета олмаймиз.
Ҳурмат қани?
Афсуски иш бор жойда хатолар ҳам мавжуд. Эътибор берган бўлсангиз кейинги пайтларда киноларимизда шеваларнинг устунлиги юқори. Ҳамма кинода Тошкент шевасидан фойдаланишаётгани сир эмас. Адабий тил билан шеванинг чапланиб кетиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Шундай экан, нега энди буни камчилик дея айта олмас эканмиз?! Бу биринчи навбатта томошабинга бўлган ҳурматсизликдир.
"Ман” ёки "сан”
"Ман санга нима девобман?” Ушбу жумла сизга ниманидир эслатмаябдими?! Топдингиз, киноларимизда хит бўлган хитоб. Деярли ҳаммасида шундай гапни учратишингиз мумкин. Мен сўзи ўрнига ман ёки сен ўрнига сан деган сўзининг ишлатилиши кинолармизда сўнгги модага айланиб улгурган. Бугунги кунда уларга ўнлаб фильмларни мисол келтириш мумкин:
"Йигитлар”
"Муҳаббатнома”
"Бекорчилар”
" Тудан тонггача”
"Шаддод қиз”
"Шомурод ва Дурдона”
"Етти ҳайкал битта кал”
"Мен талабаман”
"Ишкалчи ошиқлар”
"Келгинди қайнона”
Каби фильмларимиз бунга яққол мисол бўла олади.
Ман деб гапирувчи яъни ушбу сўзни деярли ҳамма фильмларда қўллаган актёрларимиз ҳам талайгина. Лекин уларнинг ўртасида олий ўринни Жаҳонгир Позилжонов билан Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов эгаллаб туришибди.
Нишондаги гап
Шевадан фойдаланган фильмларнинг баъзиларидан мисоллар келтириб ўтишимиз мумкин:
"Бекорчилар” фильмида қуйидаги гапларни эшитишингиз мумкин.
— Ўшатта кутамиз.
— Паспорт қани, сандан сўровобман?
— Буларни этганини қилдим.
— Ока бу ишни тезроқ ҳал қилайлук, бизарни бекорчи вақтимиз йўқ.
Бундай шевага хос сўзлашув услубини бу кинода ҳар қадамда учратиш мумкин. Шу ерда ўйлаб қоламан. Нега бундай? Улар ўз шевасини тарғиб қилишмоқчими? Қани адабий тил нормалари? Ёки бу шунчаки тилга бўлган эътиборсизликми? Шусиз ҳам ёшларимиз кинода ишлатиладиган сўзларни тезда ўзлаштириб олишади. Ёдингизда бўлса, "Паноҳ” фильми эфирга кетганидан кейин ёшлар ўртасида бир-бирига "ғижим” дейиш роса урфга кирган эди. Бу кинонинг таъсири албатта. Шундай экан биз уларга яхшиликка ундовчи нарсаларни тарғиб қилишимиз керакмикан?!
"Тундан тонггача” фильмидаги шевага хос диалоглардан айрим кўчирмалар:
— Сан нима қивотсан?
— Топ, қаттан бўлса ҳам топ.
— Нега мани уйимни пойлайсан?
— Ока, қўлимни ечиб қўйинг.
— Манам туший Зилол.
"Шомуродва Дурдона” — ушбу фильмни номини тилга олишингиз билан дод деб юборганингиз аниқ. Қўшиғигача шевадан фойдаланилган.
— Нима манга бақирвотсан?
— Буларни ким учун қивомман, санларни боқаман деб.
— Хей не қаққайиб турибсан?
"Муҳаббатнома” — фильмидан:
— Ҳиндистонга кетвомман.
— Ман айбдорманми?
Сериалларда шева!
Киноларимизда қаҳрамонларнинг шевада гапиришига анча ўрганиб қолдик. Ҳаттоки адабий тилимиз борлигини ҳам унутаёзган бир пайтимизда сериалларда ҳам қўлланилиши ажаблантирмай қўйди, десак муболаға бўлмайди. Сериал деганда корейс ёки турк сериалларининг таржима вариантлари телеканалларимизда намойиш этилмоқда. Диққат қилиб кўрсангиз ана шу сериалларнинг ҳам баъзи жойларида шевада гапиришади. Шунда бу ўзимизнинг киномикан ёки уларда ҳам шевада гаплашишган жойи бўлса таржима қилишдимикан, деган хаёлга боради киши. Ўзбекча мақолларни корейс оғайниларимиз ҳам билишаркан-эй. Ишонмасангиз сериалларни кўринг. Орасида ўзбекча мақолларни ҳам ишлатиб юборишади. Демак, таржима қилинган сериаллларни ҳам шевага хос сўзлар эгаллаб бўлибди-да.
Сўнгги сўз
Нима бўлган тақдирдаям, тилимизга бўлган эътиборни ҳар соҳада унутмаслигимиз керак. Бу бизнинг ўзлигимиздир. Шева балки кинонинг таъсирчанлигини оширар. Аммо, адабий тил нормаларига риоя қилган холда ҳам кино яратиш мумкин. Адабий тилни шевалардан айри тушган холда тушуниш осонроқ. Томошабинни алдаш қийин. Чунки улар жуда синчков. Буни ҳисобга олиб қўйиш керак.